2022 йил 27 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг (МДҲ ПА) кузги сессияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши (Раиси) Торагаси Нурланбек Шакиев билан учрашди.

Таъкидланганидек, давлатларимиз раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва улар ўртасида ўрнатилган очиқ, ишончга таянган мулоқот туфайли Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатлари бугунги кунда юксак даражага кўтарилди.  

— Қирғизистон биз учун яқин қўшни, бизни кўп асрлик дўстлик ришталари, умумий тарих, тил, маданият, анъана ва урф-одатларимиз яқинлиги боғлаб турган қардош давлатдир. Биз стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тарафдоримиз, — деди Н.Исмоилов ўз нутқида.  

Учрашувда кейинги йилларда икки томонлама муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланиб бораётгани, мамлакатларимиз ўртасида сиёсий ва иқтисодий соҳадаги мулоқотларнинг фаоллашгани ижобий баҳоланди.  

Ўз навбатида, Н.Шакиев Ўзбекистон иқтисодий-сиёсий жиҳатдан жадал ривожланаётган давлат сифатида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаётганини эътироф этиб, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар эътироф этилди.  

Мулоқотда томонлар икки мамлакат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада тараққий эттиришдан манфаатдор эканликлари қайд этилди. Хусусан, мамлакатларимиз ўртасидаги парламент мулоқотини фаоллаштириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг барча йўналишларида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикрлар алмашилди.  

Шунингдек, ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтиришда парламентлар ролини ошириш, чегарадош вилоятлар депутатлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни фаоллаштириш ва эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича қўшма иш режасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.  

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда томонлар ҳамкорлик ришталарини янги босқичга олиб чиқишга келишиб олдилар.  

ЎзА

@sharq24uz | Шарқ24 Ахборот Агентлиги

 248 умумий кўрилганлар сони,  1 бугунги кўрилганлар сони

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.