Иссиқхоналарни газ таъминотидан узиш ҳолати бўйича тадбиркорларнинг норозилигидан хабар топган Президентимиз Шавкат Мирзиёев зудлик билан мазкур масалани кўриб чиқиш учун Администрация раҳбари Сардор Умрзоқовга тегишли топшириқларни берди.

Администрация раҳбари бошчилигида ўтган мажлисда иссиқхоналарни табиий газ таъминотидан огоҳлантиришсиз узиш ҳолатлари бўйича кўплаб эътирозлар билдирилаётгани, хусусан, жорий йилнинг 25 октябрь куни республиканинг турли ҳудудларидан иссиқхоналари газдан узилган тадбиркорлар норозилик билдириб, Тошкентда тўплангани бўйича тегишли масъуллар қаттиқ танқид остига олинди.  

Жумладан, “Вазирлар Маҳкамаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасадди раҳбарларининг ушбу масала билан умуман шуғулланмагани, тадбиркорларнинг муаммоларига ечим топмагани учун улар Президент Администрациясига келишмоқда”, деди С.Умрзоқов.  

Газ таъминотидан узилган иссиқхоналар 1 кун ичида газ билан қайта таъминланади  

Йиғилиш давомида иссиқхона эгалари бўлган тадбиркорлар фикрлари ҳам тингланди. Улар ўзларини қийнаётган муаммолар, фаолиятидаги оғриқли масалалар юзасидан ўз таклифларини билдиришди.  

Маълумки, мавсум пайтида иссиқхонанинг ҳар бир куни ўта муҳим бўлади. Бу нафақат ўша тадбиркор учун, балки Ўзбекистон озиқ-овқат таъминоти ва хавфсизлиги учун ҳам жуда аҳамиятли.  

Маълум бўлишича, “Ҳудудгазтаъминот” АЖ 700 гектардаги 268 та иссиқхонани табиий газдан узиб қўйган. Бунинг оқибатида 70 минг тонна ҳосил, 30 миллион долларлик экспорт йўқотилиши, энг асосийси газдан узилган иссиқхоналарда банд бўлган 10 мингга яқин аҳоли ишсиз қолиши мумкин.    

Шуни инобатга олиб, Энергетика вазирлигига газ таъминотидан узилган барча иссиқхоналарни 1 кун ичида газ билан қайта таъминлаш топшириғи берилди.  

Шунингдек, Ҳисоб палатасига тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда мазкур ҳолат юзасидан “Ҳудудгазтаъминот” АЖнинг ҳудудий бошқарма бошлиқлари ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш, агар уларнинг ҳаракатида жиноят аломатлари аниқланса, қонуний тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.  

Иссиқхона юритувчи тадбиркорлар 1 кун ичида тегишли манбалардан молиявий маблағ билан таъминади  

Ўз навбатида йиғилишда иссиқхоналарни муқобил энергия (кўмир)га ўтказиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.  

Сўзга чиққан тадбиркорларнинг барчаси иссиқхоналарни кўмир орқали иситишга ўтиш маълум вақт талаб этиши, буни аввал ҳар томонлама ўрганиб чиқиш, синчковлик билан синовдан ўтказиш, тижорий томонларини ҳисоб-китоб қилиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур масала юзасидан ишчи гуруҳ тузилиб, тегишли мутахассислар ва тадбиркорлар билан биргаликда ҳолатни батафсил ўрганиб чиқиш юзасидан топшириқ берилди.  

Бунда ишчи гуруҳ ҳар бир иссиқхона кесимида уларнинг молиявий аҳволини ўрганиб чиқиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш юзасидан аниқ асосланган таклифлар тайёрлайди. Ўз навбатида иссиқхона юритувчи тадбиркорларга ўз ҳосилларини нес-нобуд қилмасдан етиштириб олиши учун зарур шароитлар яратиш мақсадида 1 кун ичида тегишли манбалардан молиявий маблағ билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.  

ЎзА

@sharq24uz | Шарқ24 Ахборот Агентлиги

 283 умумий кўрилганлар сони,  1 бугунги кўрилганлар сони

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.