Умр – йиллар карвони. Бу карвон ҳаёт деб аталмиш сир-синоатларга бой, нурли, орзули, манзиллари олис йўллардан ўтиб боради. Ҳаёт ўзи шунақа. Кун кетидан кун изма-из шошиб келаверади. Умр ўтаверади. Кимнингдир умри мазмунли, кимники серташвиш…

Орамизда шундай инсонлар борки, уларни ҳеч муболағасиз умри азиз, дейиш мумкин. Зотан, улар умрини беҳуда ўтказмадилар. Ортидан излари, амалга оширган эзгу ишлари қолишини ўйлаб иш қилдилар. Худди ўшалар – бизнинг Азизиллолар. Худди ўшалар – ҳалол меҳнат қилиб яшашни бахт деб билган покиза туйғу эгалари…

Педагогика соҳасининг етук билимдони, ёшлар етакчиси, кўпларнинг севимли устози, камтарин инсон Азизилло Бўтаевни ҳеч иккиланмай ана шундайлар тоифасига қўша оламиз. Ҳолбуки, у  умри давомида шунчаки яшамаётир. Ўзига берилган имкониятлардан  оқилона фойдаланиб яшамоқда. Изланиб, интилиб, йўлларида яхшиликлар уруғини сочиб яшамоқда.

Азизиллонинг асл касби қурувчи- муҳандис. 1986 йили Тошкент Транспорт институтининг қурувчи-муҳандислик факультетини тамомлаган. Ундаги ҳарбий салоҳият қирралари эса хизматни ўташ жараёнларида шаклланган. Институтни битиргандан сўнг у муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.  Украинанинг Чернигов вилоятида ҳарбий хизматни ўқув бўлинмасида  курсантликдан бошлайди.  Кичик сержант унвонини олгач, Кременчуг шаҳридаги алоҳида понтон-кўприк батальонига взвод командири ўринбосари лавозимига ўтказилади.

         Ҳарбий хизматни намунали ўтайди, қўл остидаги бўйсунувчиларига ғамхўр ва талабчан  командир бўлиб етишади. Натижада намунали хизматлари учун қисм командири ва Киев махсус округи қўмондонлиги томонидан кўп марта рағбатлантирилади. Хизмат давомида заҳирадаги офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш курсларида таҳсил олади ҳамда заҳирадаги лейтенант унвонини олишга муваффақ бўлади.

Хуллас, у аскарликдан қайтганда ҳарбий соҳанинг билимдони, салоҳиятга эга бўлган ёш кадри сифатида етилган эди. Энди бу билимларини амалиётда қўллаши керак эди. Азизилло кўп ўйлаб ўтирмади, таълим йўлини танлади. Ишни Хўжаобод туманидаги 18-ўрта махсус касб-ҳунар билим юртида ҳарбий таълим раҳбарлигидан бошлади. Ўшанда ўйламаган бўлса керак, ҳали бу соҳада кўп муваффақиятлар қозонаман, кўплаб шогирдлар етиштираман, китоблар ёзаман… деб.  Ўзи шунақа бўлади, ўйламаганинг, кутмаганинг бўлади ҳаётда. Лекин инсон зоти борки, орзусиз яшамайди. Орзу қилмаган,  эзгулик сари интилмаган юрак – юрак эмас. Шу маънода, Азизиллонинг ҳам қалбида катта мақсад ва орзулари борлигини инкор этиб бўлмайди.

Азизилло Бўтаев гарчи, қурилиш соҳаси мутахассиси бўлса-да, ҳаётда эришган барча омадлари, обрў-эътиборларини педагогика соҳасидан топди. Умумий меҳнат фаолиятига 44 йил тўлган бўлса, шундан 38 йилини бевосита  мактаб бағрида, ўқувчиларга ҳарбий таълим бериш соҳасида ўтказди. Таълимнинг чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик соҳасини пухта ўрганди ва унинг билимдонига айланди. Боиси, зиммасида ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ватанга содиқ фарзандлар қилиб етиштиришдек шарафли вазифа бор эди. Юрагида ишга меҳр, қизиқиш, бир қадар жўшқинлик  борлиги сабаб, ҳарбий таълим дарсларини қизиқарли, жонли тарзда ўтказишга ҳаракат қиларди.  Дарс жараёнларида ватанимизнинг ҳарбий салоҳиятига доир янгиликлардан ўқувчиларни бохабар қилар, ўқувчиларни мустақил Ватанга, унинг қуролли кучларига муҳаббат руҳида тарбиялаш, бунинг заминида шубҳасиз, шерюрак, мард ва жасур ўғлонларимизнинг фидокорликлари борлиги ҳақида янги-янги маълумотлар берарди. Бу албатта, ўқувчилар дунёқарашини шакллантиришда, улар қалбида ватанга содиқлик туйғулари пайдо бўлишида кўл келарди. Муҳими, ўқувчи-ёшлар орасида ҳарбий хизматни ўташга, ҳарбийлик касбини эгаллаб,  Ватанимиз сарҳадларини мардларча қўриқлашга қизиқувчилар кўпайишини таъминларди.

Худди шундай бўлиб чиқди ҳам.  Азизилло Бўтаев таълим берган ёшлар орасида бугун ҳарбий соҳа мутахассислигини эгаллаган ёшлар кўпчилик. Бу эса изланувчан, иқтидорли ўқитувчи Азизилло Бўтаевнинг шогирд тайёрлашга бўлган иштиёқларидан, таълим самарадорлигини оширишга қўшган улкан ҳиссасидан далолатдир.

Азизиллонинг бу борадаги самарали ишлари айниқса, тумандаги 17-мактабда олиб борган фаолиятида янада яққол намоён бўлди. Мазкур ўқув даргоҳида у чинакамига фидойилик билан ишлади. Ижодкор, изланувчан, иқтидорли ўқитувчи сифатида бор ақл-идроки, билими, салоҳиятини ишга солди.  Бу жараён айниқса, мустақиллик йилларида яна-да, самарали кечди. Чунки Азизилло мустақил ватанимиз ёшларини чинакам миллий руҳда тарбиялаш зарурлигини теран англаб етган ўқитувчилардан бири эди. Дастлаб у Республикамизда жорий этилган Кадрлар тайёрлаш Миллий Дастури ижросини таъминлаш муҳимлигига эътибор қаратди. Кўп бора  илғор ўқув муассасаларида ўтказилган тажриба-синов ишларида қатнашди. Бу эса унинг билимлари ошишини таъминлади. Ўзида етарли тажриба ва янгиликлар яратишга бўлган иштиёқ ортгани сари Азизилло таълим жараёнларини ривожлантириш усуллари борасида изланди.

Шубҳасиз, изланишлари зое кетмади. Унинг таълим ривожига қўшган энг катта ҳиссаси – бу  чақириққача ёшларни тайёрлаш бўйича ўқув дарсликлари ва услубий қўлланмаларни ўзбек тилида тайёрлаб, амалиётга татбиқ этганлиги бўлди. Ҳа, Азизилло Бўтаев мамлакатимиздаги ҳарбий соҳа муаллимлари орасида биринчи бўлиб ўзбек тилида дарслик ҳамда услубий қўлланмалар яратган ижодкор устоздир.

Бунга мисол тариқасида унинг 1999-2005 йиллар ичида умумтаълим мактаблари учун чақирувгача ёшлар таълими  фани бўйича тайёрлаган “ЧЁТ фанини тематик режалаштириш”, “ЧЁТ фани бўйича методик қўлланма”, “ЧЁТ фани бўйича ўқув қўлланма”, “Умумтаълим мактабларининг ЧЁТ бўйича ўқув-моддий базаси”, “ЧЁТ ва ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси” номли бир қатор ўқув қўлланмаларини тилга олиш мумкин. Муҳими шундаки, юқорида номлари келтирилган қўлланмалар Халқ Таълими вазирлиги қошидаги Республика таълим марказининг 2005 йил 24 июндаги ИМК қарори билан республикамиз бўйлаб оммалаштирилган. Ҳаттоки, “Маърифат” газетасининг 2005 йил 2 июлдаги ва 2006 йил 31 майдаги сонларида А.Бўтаев томонидан тайёрланган ўқув услубий қўлланмалардан дарс жараёнларида фойдаланиш бўйича мамлакатимизнинг барча ҳарбий таълим фани  ўқитувчиларига тавсиялар берилган.

Айтиш жоизки, Азизилло бу ютуқлардан эсанкираб қолмади ва қайтага ўзида  ижодий руҳланиш ҳис қилди. Яна изланишда, ҳаракат қилишда давом этди. Бунинг самараси ўлароқ 2008-2017 йилларда А.Бўтаев томонидан академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари талабалари ва чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари учун жами 8 хил ўқув ва услубий қўлланмалар тайёрланган. 2010 йили Азизилло чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фанининг амалдаги ўқув дастурини оптималлаштириш бўйича ишчи гуруҳга раҳбарлик қилди ва ўқув дастурининг ҳаммуаллифи бўлди.

Азизилло бундан ташқари, “Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик” ва  “Ҳарбий терминларнинг қисқача изоҳли луғати” номли қўлланмаларни ҳам яратиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта-махсус касб-ҳунар таълими вазирлиги ишончига сазовор бўлди. Вазирликнинг 2011 йил 11 майдаги 192-сонли буйруғи билан А.Бўтаев яратган услубий қўлланмалар амалиётга киритилгани фикримиз исботидир.

Мазкур илмий салоҳият, ижодий ишлар туфайли Азизилло Бўтаев бир қатор нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик шартномалари тузганлигини эса алоҳида эътироф этиш керак. Низомий номли Тошкент Педагогика университети, Фарғона Давлат университети ҳамда Андижон Давлат тиббиёт институтининг ҳарбий кафедралари эндиликда Азизилло Бўтаев билан илмий-услубий ишларни ҳамкорликда олиб боришмоқда. Характерли жиҳати шундаки, бугунги  кунда мазкур олий ўқув даргоҳларининг ҳарбий кафедралари курсантлари Азизилло Бўтаев асос солган ўзбек тилидаги ўқув-услубий қўлланмалардан оқилона фойдаланишмоқда.

Кези келганда,  Азизиллодаги бир жиҳатга алоҳида урғу бериб сўзлаш жоиз. Бу ҳам бўлса, унинг тиниб-тинчимаслиги, ўз касбига нисбатан фидойилиги, ёшлар орасидан шогирдлар етиштириб чиқаришга бўлган қизиқишларидир. Аслида у ҳам айримлар каби бир соатлик дарсини ўтиб қўйиб, шахсий юмушларига андармон бўлса ёки моддий манфаат кетидан қувиб, турли бизнес ишларига қўл уриб кетса, бир сўз билан айтганда, “бўлса бўлар, бўлмаса йўқ…” қабилида иш кўрса бўларди. Аммо қалбида ватан туйғуси жўш урган, олдига катта мақсадларни қўйиб яшаётган, ортидан из қолдиришни ният қилган бу йигит асло “ғирром иш” қилишни истамайди. Боиси, шу азиз ватан барчамизники эканлигини, унинг сарҳадлари мустаҳкам қўрғон бўлишлигини, бинобарин, ватан тупроғини ҳимоя қилиш, қўриқлаш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиз эканлигини у дилдан ҳис қилади. Шунинг учун ҳам ишга сидқидиллик билан киришар, виждонига қарши туришни ўзига эп кўрмасди.

Гап шундаки, Азизилло Бўтаев 17-мактабда ишлаган кезлари мактабдан ташқари ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ўқувчилари билан тўгарак машғулотлари ўтказиб, уларни турли мусобақа, кўрик-танловларга тайёрлади. “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасида узоқ йиллар давомида вилоят ғолиблигини қўлдан бермади ва республика финал босқичларида ҳам фақат совринли ўринларни эгаллади. Содда қилиб айтадиган бўлсак, 17-мактаб довруғини “Шунқорлар” мусобақаси оммага ёйди. Мактаб шу орқали республикага танилди ва ҳарбий тайёргарлик дарслари яхши йўлга қўйилган, дея эътироф этилиб, Андижон вилоятида таянч мактабга айлантирилди. Азизилло Бўтаев сабаб вилоятимиз республика миқёсида шарафланди.

Андижон вилояти Хўжаобод педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежида ишлаган йилларида Азизилло мураббийлигидаги коллеж жамоаси 2011-2012 ўқув йилида “Ёш чегарачилар” ва “Шунқорлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг вилоят босқичларида фақат биринчиликни эгаллашга муваффақ бўлди. Мусобақаларнинг республика босқичларида эса фаол қатнашиб, бир неча бор фахрли ўринларни ҳеч кимга бермади.

Бугунги кунда ҳам 23-ихтисослаштирилган мактаби ўқувчилари “Ёш гвардиячи” ва шунга ўхшаш бошқа ҳарбий-ватанпарварлик мусобақаларида ғолиблар қаторидан ўрин олиб келмоқда. Бу муваффақиятлар ўз-ўзидан келмаган, албатта. Ортида заҳматли меҳнатлар, тинимсиз изланишлар, ўқувчилар билан индивидул шуғулланишлар…кун-у-тун ишлашлар борлигини айтганда, Азизилло Бўтаевнинг нечоғли ватанпарвар инсон эканлиги, қанчадан-қанча темурийлар издошларига устоз эканлиги кўз ўнгимизда яққол гавдаланади.

Азизилло Бўтаевни юқорида ижодкор ўқитувчи, дея тилга олгандик. Ҳақиқатан ҳам, унда ижодкорлик қобилияти бор. Шундан бўлса керак, дарсдан бўш вақтларини асло беҳуда ўтказмайди. Кўп ўқийди, ўрганади, изланади. Ўқиб, ўрганганлари асосида дарсларини мазмунли ва мароқли ўтказишга эришади. Изланишларининг маҳсулини кўп сўзладик: ёзади, ёшлар, келажак авлод вакиллари фойдаланиши учун китоб, услубий қўлланма сифатида чоп эттириб қолдиради.

Халқ таълимида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида 10- ва 11- синфлар коллеж таълимидан умумтаълим мактабларига қайтарилди. Устоз Бўтаев ҳам шунга мувофиқ педагогик фаолиятини ихтисослаштирилган мактабда давом эттирмоқда. Айни пайтда А.Бўтаев томонидан ҳаммуаллифликда тайёрланган 10- синфлар учун чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани дарслиги чоп этилиш арафасида турибди.

Умуман олганда, Азизилло мақтаса мақтагудай қобилият соҳибидир. Бежиз уни “Ҳарбий маҳорат соҳиби” деб атамадик. Бинобарин, унинг 14 хил қўлланмалари Шарқий ҳарбий округ, Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Миллий университети ҳарбий таълим ўқув маркази, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик ҳарбий билим юртлари мутахассислари томонидан ўрганилгани ва ижобий хулосалар олингани ана шу маҳоратидан даракдир. 2022 йили Халқ таълими вазирлиги республика таълим маркази илмий-методик кенгаши томонидан Азизилло Бўтаев иш тажрибасини республика миқёсида оммалаштириш тўғрисида қарор қабул қилиниши эса фикримизни тўлақонли тасдиқлайди.

Яна шуни таъкидлаш жоизки, бу тиниб-тинчимас ўқитувчи мана, бир неча йилдирки, оммавий ахборт воситалари билан ижодий ҳамкорлик ўрнатган. Ҳарбий ватанпарварлик ғояларини ёшлар онгига сингдириш мақсадида турли мавзуларда мақолалар ёзиб, “Маърифат”, “Ватанпарвар” газеталари саҳифаларида ёритиб боради. Албатта, бу ёзганлари билан ватанимизнинг ҳарбий салоҳияти, куч-қудрати, чегара қўшинларимиз сафларида хизмат қилаётган мард, жасур ўзбек ўғлонлари жасоратини тараннум этишга қаратилган кўрик-танловларда фаол иштирок этади. У “Ватанпарвар” газетасида ўтказилган “Менинг армиям – менинг фахрим” танловида ғолиблар қаторидан ўрин олган. 2014 йили эса “Йилнинг энг яхши чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичида 2-ўринни эгаллаган. 

Ўз навбатида, Азизилло Бўтаевнинг иш тажрибасини оммалаштиришга бағишланган мақолалар ҳам ёзилиб, марказий  матбуот нашрларида кенг ёритилган. У ҳақда махсус телекўрсатув тайёрланиб, “Ватанпарвар” кўрсатувида намойиш этилган. Булар шабҳасиз, вилоятимизнинг чекка бир ҳудудида яшаб, ижод этаётган, юзлаб ёш авлод вакилларининг ҳарбий билимларини оширишга баҳоли қудрат ҳисса қўшаётган оддий ўқитувчи учун юксак эътироф намунасидир.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Ўз касбининг устаси бўлган, ёш авлодни меҳр ила ўқитиб,  уларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида жонкуярлик қилаётган оддий ўқитувчи Азизилло Бўтаевнинг халқ олдидаги хизматлари мамлакатимиз раҳбарияти томонидан ҳам ўз рағбатини топган. У Андижон вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан таъсис этилган “Халқ таълими фидойиси”,  Эшонхўжаев номидаги махсус мукофот, “Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирланган.  2000 йили эса Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан мукофотланади.

 Шунингдек, унинг кўксини “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил”, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги”, “Ўзбекистон Конституциясига 30 йил”,  Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирлигининг “Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун” кўкрак нишонлари ҳам безаб турибди.  Кўплаб ҳарбий-ватанпарварлик мусобақалари ва кўрик-танловлари ғолиби сифатида кўлга киритган дипломлар, фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалари ҳам Азизиллонинг самарали меҳнатларига берилган муносиб баҳодир.

Шу жойда очерк деб номлаган бу битикларимга нуқта қўйиш пайти келди. Гапни муҳтасар қилишдан аввал шоирлар таъбирича, “Яшасанг шу Ватан учун фидо бўлиб яшагин…” жумлаларини айтишни лозим кўряпман. Нега деганда, инсон учун яшаш гўшаси – бу Ватан аталмиш қадрдон макон бўлгач, Ватанга содиқ бўлмаслик, Ватан учун фидо бўлиб яшамаслик мумкин эмас!  Муборак ҳадисларда ҳам битилмиш: “Ватанни севмоқ иймондандир!”. Демак, шу жойда қаҳрамонимизнинг фидокорликлари заминида битта туйғу яширин эканлигини илғаб олсак бўлади. Назаримда,  бу ёзганларим ёлғон маълумотлар эмаслигини сезгир ўқувчиларимиз аллақачон сезиб олдилар. Ана шунақа, Хўжаободнинг Манак отлиғ қишлоғидаги оддий деҳқон оиласида туғилиб ўсган Азизилло Бўтаев Ватан учун фидо бўлиб яшаётган замондошларимиздан. Унинг бугунги камолида оилада етти фарзанд ўстирган Муҳаммаджон ака ва Ўктамхон ая Бўтаевлар тарбиясининг маҳсули намоёндир.

Азизиллонинг ўзи эса ҳозир яхши оила бошлиғи. Турмуш ўртоғи, олий тоифали ўқитувчи Комилахонга севикли ёр, фарзандларига меҳрибон ота.

Шундайлар борлиги учун ҳам ҳаётимиз гўзалдир.

         Маҳфуза НОРБОЕВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

 35,576 умумий кўрилганлар сони,  8 бугунги кўрилганлар сони

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.