Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Туркияга ташрифи доирасида Бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Туркия уй-жой қурилиши бошқармаси (TOKI) раҳбари Ўмер Булут ва бир қатор йирик компаниялар раҳбарлари билан учрашди. Музокара чоғи амалга оширилаётган жорий қўшма лойиҳалар ҳамда янги инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш истиқболи муҳокама қилинди.

Суҳбат давомида Туркияда қўлланаётган, кенг аҳоли қатламини уй-жой билан таъминлашга мўлжалланган ижтимоий уй-жой қурилиши тизимининг самарали механизми ўрганилди. TOKI раҳбари мазкур илғор тажрибани мамлакатимизда жорий этиш учун зарур бўладиган ҳар қандай ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

“Jengiz Holding” директорлар кенгаши аъзоси Аҳмет Женгиз билан Ўзбекистон энергетика тизимида янги лойиҳалар амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди. Корхона раҳбарияти юртимизда хорижий инвесторлар учун яратилаётган имкониятни юқори баҳолаб, кимё ва тоғ-кон саноати, энергетика ва қурилиш соҳаларида истиқболли ғояларни ишлаб чиқиш ва йўлга қўйишдан манфаатдор эканини қайд этди.

“Aksa Enerji” бошқарув кенгаши аъзоси Жунейт Уйғун билан 290 миллион долларлик жорий лойиҳа муҳокама қилинди. Туркия томони Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида электр станциялари, газ тақсимлаш тизимини қуриш ва модернизация қилиш, биргаликда электр генераторлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва тарихий шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар қуришда иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Худди шундай руҳда “Chalik Holding” компанияси бошқаруви аъзоси Ҳакки Акил билан ҳам мулоқот бўлиб ўтди. Компания республикамизда 250 миллион долларлик кўп тармоқли бизнес маркази қурмоқчи. Қайта тикланадиган энергетика соҳасида янги лойиҳаларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш, шунингдек, Ўзбекистонда ДХШ асосида тиббиёт муассасаларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича келишувга эришилди.

Учрашувлар якунида лойиҳаларнинг молиявий ва техник жиҳатларини батафсил муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш учун жорий йил ноябрь ойида компаниялар вакилларининг мамлакатимизга ташрифини ташкил этишга келишилди.

ЎзА

@sharq24uz | Шарқ24 Ахборот Агентлиги

 231 умумий кўрилганлар сони,  1 бугунги кўрилганлар сони

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.